16 Декабр 2020 йил 328

Кармана туманида "Ватанпарварлик ойлиги" тадбирлари ўтказилди

14-декабрдан 14-январга қадар Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги муносабати билан вилоят ИИБ томонидан Кармана туманидаги касбга ўқитиш мактабида кенг қамровли тарғибот тадбири ташкил этилди. Тадбирда соҳага қизиқувчи ёшлар ҳамда ҳарбийлаштирилган мактаб ўқувчилари вилоят Ички ишлар бошқармасининг бир қатор соҳавий хизмат ходимлари фаолияти билан яқиндан танишишди.
Шунингдек тадбир давомида Ички ишлар вазирлиги Навоий академик лицейи ўқувчиларининг ҳам чиқишлари ташкил этилди. Унда таълим ва спорт соҳасида улкан ютуқларни қўлга киритган ўқувчилар мамлакатимизда ёшлар учун яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш бўйича ўз тавсияларини бериб ўтишди.
Шундан сўнг Ички ишлар бошқармаси Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходимлари томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.

Шу куни тарғибот автокарвони Туманнинг Нарпай маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига ҳам етиб борди. Мактаб ўқувчилари, уюшмаган ёшлар, маҳалла аҳолиси жам бўлган мазкур тадбир чин маънода байрамона руҳда ўтди. Тадбир давомида ишсиз ёшлар учун меҳнат ярмаркаси, арзонлаштирилган китоб савдоси ҳамда Ички ишлар бошқармаси томонидан қурол аслаҳалар ва ҳарбий техникалар намойиши ташкил этилди.  Ички ишлар бошқармаси Патрул пост ва Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Кинология хизмати ходимлари томонидан хизмат итлари ёрдамида портловчи моддани аниқлаш, шартли жиноятчини қўлга олиш ва яна бир қанча кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Махсус отряд ходимлари томонидан эса шубҳали предметни зарарсизлантиришга оид чиқишлари ёшларда катта қизиқиш уйғотди.  Намойиш этилган кўргазмаларда ҳарбий қурол аслаҳалар билан бирга Ички ишлар бошқармаси Экесперт-криминалистика бўлими ходимлари томонидан содир этилган жиноятларни иссиқ изида фош этишда нималарга аҳамият қаратиш зарурлиги, қалбаки ҳужжатларни аниқлаш, наркотик моддаларни экспертизадан ўтказиш каби қизиқарли маълумотлар ўқувчи ёшларга тушунтириб ўтилди. Мухтасар айтганда бу каби ватанпарварлик ғояларига йўғрилган тарғибот тадбирлари эртамиз умидларининг дунёқарашини шакллантиришга ҳамда уларни она ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда дастурил амал бўлиб хизмат қилади. 

Бу каби тадбирлар ойлик давомида вилоятнинг барча ҳудудларида ўтказилиши режалаштирилган.

   Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати 

Text to speech