15 Январ 2021 йил 255

  Навоийда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ёшлик кўли атрофида тадбир ташкил этилди

        Республикамиз бўйлаб жойларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги ҳамда ватанпарварлик ойлиги доирасида ҳарбий хизматчилар иштирокида оммавий тадбирлар ўтказилмоқда.

       Ана шундай тадбирлар Навоий вилоятида ҳам мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда. Вилоят Ички ишлар бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, ҳарбий қисмлар ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Навоий вилояти бўлими ташаббуси билан “Ёшлик кўли” атрофида "Ким ватанга содиқ бўлса мендурман ўша" шиори остида ватанпарварлик тадбири ташкил этилди.  Кўргазмага қўйилган барча ҳарбий техникалар, қурол-аслаҳалар, намойиш этилган ҳарбий чиқишлар ҳамда кинология хизмати фаолиятидан лавҳалар тадбирга ташриф буюрган  ўқувчи ёшларда катта таассурот уйғотди. Бугунги тадбир ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда тинчликни қадрига етиш, мардлик, жасорат каби жиҳатларни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.  Тадбирда иштирок этган митти қалбларда ҳарбий бўлиш орзуси пайдо бўлган бўлса ажабмас.

             Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати 

Text to speech