30 Январ 2021 йил 413

Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлик бошқармаси Навоий вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан жойларда учрашувлар ўтказилмоқда

       Бугун халқ манфаатларини кўзлаб олиб борилаётган ислоҳотларда инсон тушунчаси олий қадриятдир. Ички ишлар ходимлари ана шундай эзгу мақсад йўлида туну кун хизмат қилишади. Мазкур жараёнда эса ходимларнинг ўз ишига виждонан ёндашиши ҳамда қонунчилик ва хизмат интизомига қатъий амал қилиши зарур. Aйни мақсадда Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлик бошқармаси Навоий вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан вилоятнинг барча ҳудудларида ўз меҳнат фаолиятини олиб бораётган ходимлар иштирокида учрашувлар ўтказилмоқда. Ана шундай учрашувларнинг дастлабкиси Хатирчи туманида ташкил этилди. Унда ходимлар томонидан хизмат интизомига амал қилиш, таъмагирлик ва коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслик, ўз бурчини виждонан бажариши борасида тушунтиришлар берилди. Шунингдек, учрашув давомида ўтган йил мобайнида соҳада йўл қўйилган камчиликлар ва қонунбузилиш ҳолатлари таҳлил этилди. Кейинги учрашув Нурота туманида ўтказилиб, мазкур учрашувда Ўз хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Президентимизнинг 2020-йил 29-декабрда Олий мажлисга қилган мурожаатномларидан келиб чиқиб, белгилаб берилган топшириқлар ҳамда хизмат интизомига амал қилиш, Ички ишлар ходими деган номга муносиб бўлиш зарурлиги борасида фикрлар билдирилди. Бундан ташқари ҳудуднинг георафик жойлашувидан келиб чиқиб, аҳолини давлатдан рози бўлиши кўп томондан профилактика инспекторларига боғлиқ эканлиги, мурожаатларни ўз вақтида кўриш лозимлиги яна бир бор эслатиб ўтилди. 

   Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлик бошқармаси Навоий вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан хизмат интизоми ҳамда қонунчиликка риоя этилиши мақсадида Навоий шаҳрида ҳам ходимлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда масъул ходимларнинг хизмат ваколатларини суистеъмол қилмаслик, таъмагирлик ҳолатларига йўл қўймаслик ва фуқаролар билан хушмуомалада бўлиш борасида тушунтиришлар бериб ўтилди. Шунингдек, тезкор хизмат ҳамда тергов ходимлари томонидан хизмат жараёнида тазйиқ ва зўравонликка йўл қўймаслик, шахснинг қадрсизланишини олдини олиш борасида зарур чора тадбирлар кўрилиши лозимлиги айтиб ўтилди. Кармана туманида ўтказилган учрашувда ҳам 2020 йил давомида ходимлар томонидан йўл қўйилган камчиликлар муҳокама этилиб, келгусида мазкур ҳолатларга йўл қўймаслик, коррупция каби иллатларга қарши аёвсиз курашиш, ҳалол ва виждонан хизмат қилиш борасида тушунтириш ва тавсиялар берилди.
      Ходимларнинг хизмат қонунчилиги ҳамда интизомига риоя этишини назорат қилиш борасидаги учрашув Навбаҳор туманида ҳам  ташкил этилиб, Вазирлик Ўз хавфсизлик бошқармаси Навоий вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан ходимлар ўртасида соғлом муҳитни қарор топтириш, ичкиликбозлик ҳамда коррупцион ҳаракатларга чек қўйиш, мансаб ваколатидан четга чиқиш каби ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича тушунтиришлар ўтказилди. Кейинги манзил Конимех тумани бўлди. Учрашувда сўзга чиққанлар ички ишлар ходими деган шарафли номга муносиб бўлиш, ҳар қандай қонунбузилиш ҳолатларига қарши адолат билан курашиш борасида ўз фикрларини баён этишди. Шунингдек, жамиятимизда коррупция, таъмагирлик, ичкиликбозлик каби иллатларга қарши туриш лозимлиги ҳақида фикр юритилди. Aйтиб ўтиш жоизки, Ўз хавфсизлик ходимлари томонидан ўтказилаётган бу каби учрашувлардан асосий мақсад, аввало, ходимларимизни ҳар қандай кўнгилсиз ҳолатлардан асраш, Ички ишлар ходими деган номга муносиб бўлишларини таъминлашдан иборатдир. Эслатиб ўтамиз бу каби учрашувлар туманлар кесимида давом этади.

           Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати 

Text to speech