22 Сентябр 2020 йил 1176

Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган ҳайдовчилар жанжали видеотасвири юзасидан Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати томонидан расмий МУНОСАБАТ

     Ижтимоий тармоқларда оммалашган лавҳада йўналишсиз такси ҳайдовчиларининг жанжали тасвири ҳамда қисқача қуйидагича изоҳ таъкидланган:

     “Оқ куйлакдаги ”эркак”га 5 кетдим) икки одам юмалаб урушса ажратиш урнига томоша қилмоқда , уруш томоша қилишга қизиқар эканми билмадим, ажратмоқчи бўлганларга қаршилик кўрсатди ажратиш ўрнига)) одамийликдан эмас у бу дейишдан кўра жиноятни кўра туриб олдини олмаслик ва олдини олишларига қўймаслик ҳам бир жиноят ҳисобланади. Алоҳида тўхталиб ўтиш керак, оқ кўйлакли болада мошина ичида ҳам ташқарига чиқанида ҳам юзида тиббий ниқоб бўлмаган (карантин қоидасини ҳам бузган етмаганига)”

    Мазкур қоидабузарлик ҳолати сабабларини ўрганиш ҳамда айбдорлар хатти-ҳаракатига қонуний баҳо бериш мақсадида, Навоий шаҳар ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ ЖҚГ тезкор ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилди. Ўрганишлар натижасига кўра аниқландики, 1984 йилда туғилган, Кармана тумани, “Камолот” МФЙда яшовчи Ш.И. ҳамда 1986 йилда туғилган, Навоий шаҳри, “Туркман” кўчасида истиқомат қилувчи  К.О.лар 2020 йил 21 сентябрь куни соат тахминан 18:10лар атрофида “Кобалт” русумли автомашинада Навоий шаҳри, “И.Каримов” кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган вақтда, 1994 йилда туғилган, Навоий шаҳри, “Ломоносов” кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Ж.А. бошқарувида бўлган “Матиз” русумли автомашина билан йўлда бир-бирларининг ҳаракатларини чеклаб, йўл бермай бошқарганликлари учун, Навоий шаҳри, “И.Каримов” кўчасида жойлашган “Лион” савдо мажмуаси ёнида тўхтаб қилган даҳанаки жанги жиддий муштлашув билан якун топган. Қоидабузар Ш.И. карантин тартиб-қоидаларига риоя қилмасдан, ҳимоя ниқобисиз ҳаракатлангани етмагандек, ён-атрофдаги фуқаролар муштлашувни бартараф этиб, муштумзўрларни тинчлантиришга уринишганида жиддий қаршилик кўрсатган.

      Ҳозирда мазкур холат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

      Таассуфки, жамиятимизда баъзи фуқаролардаги лоқайдлик, бефарқлик ҳисси сабаб, олди олиниши мумкин бўлган жиноятларнинг содир этилиши кузатилмоқда. Карантин қоидаларини бузиб, ўз саломатлигига беэътибор фуқаронинг ўзгалар ҳаётини томошабин сифатида кузатган ҳолда, мавжуд муаммони янада чигаллаштиришга уриниши ҳеч бир талабга жавоб бермайди. Ҳам йўл қоидасини, ҳам ахлоқ нормаларини бузиб, жиловланмаган жаҳл ортидан муштумзўрлигини намойиш қилганлар энди қонун олдида жавобгардирлар. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, барча муаммоли ва чигал вазиятда энг тўғри ва оқилона ечим муросадир. 

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech