20 Январ 2021 йил 287

Ижтимоий тармоқнинг “You Tube” саҳифаларида кенг тарқалган “Navoiyda. Oyligi oshib-toshib ketgan inspektor” сарлавҳаси остидаги видеолавҳа юзасидан Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан расмий МУНОСАБАТ

   Ижтимой тармоқларда кенг омма эътиборига ҳавола этилаётган видеолавҳалар бугун барчанинг эътибор марказида. Айниқса, қайсидир соҳа вакиллари ҳақида жойланган танқидий тасвирлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти. Жорий йилнинг 18 январь куни “You Tube” саҳифаларида оммалашган “Navoiyda. Oyligi oshib-toshib ketgan inspektor” сарлавҳаси остида жойлаштирилган видеотасвир ҳам кўпчиликнинг диққатини тортди. Воқеа қандай бўлган?

      Жорий йилнинг 18 январь куни Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ 1-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ инспекторлари Дилмурод Сафаров ва Дилмурод Дўстов ҳамда 4-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ инспектори Бобожон Қўзиевлар хизмат автомашиналарини гигиена талабларига мос равишда тозалаш мақсадида Навоий шаҳридаги “Автоювиш” шаҳобчаларининг бирига олиб борганлиги Сарвар Элмуродов исмли фуқаро томонидан ижтимоий тармоқларда “танқид” остига олинган. Эмишки, ходимларнинг бу хатти-ҳаракати “қонунга зид”.

       Аслида, ақлу-ҳушини таниган фуқаронинг онгли равишда ЙПХ инспекторларини таъқиб этиши, киши энсасини қотирадиган гап-сўзлар билан ходимларнинг вақтини ўғирлаб, иш жараёнига отланишига тўсқинлик қилиши қонунга зид эмасми?! “ЙПХ инспекторлари хусусий автоювиш шаҳобчаларидан фойдаланмаслиги керак” дея фикрларини бот-бот такрорлаётган фуқаро Сарвар Элмуродов “танқид” остига олган мавзусининг савиясизлигини англаб етмаган. Эҳтимол, гигиена қоидаларига амал қилиб, хизмат автомашинаси бўлишидан қатъий назар тозалик талабларига одатланган ходимларнинг ҳаракатини тушунмаган ҳам. Фуқаро бу хатти-ҳаракатлари билан ходимларнинг “қонунга зид” ҳаракатини эмас, балки ўз дунёқарашини намоён этган. Негаки, кўнгил ва руҳ обод бўлганда жойда, тозаликка қарши фикрлар тарғиб этилмайди.

     Таъкидлаш лозимки, фуқароларнинг бундай ўзбилармонлик билан соҳа ходимларини видеотасвирга олган ҳолда, фаолиятига ноқонуний баҳо бериши ҳамда уларни обрўсизлантиришга уриниб, ижтимоий тармоқларга жойлаштириши тегишли тартибда жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши мумкин.

        Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ

Text to speech