23 Декабр 2020 йил 355

Навоийда Карантин қоидаларига риоя этилиши ҳамда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича рейд тадбирлари ўтказилмоқда

     Янги йил байрамини барча бирдек орзиқиб кутиши ҳаммамизга маълум. Мазкур байрамни тинч, осойишта ўтказиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларидан бирдек масъулиятни талаб этади.  Навоий шаҳри бўйлаб жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича жамоат жойлари, бозорлар, савдо дўконлари, кафе-бар ва ресторанларда кундузги ва тунги рейд тадбирлари ташкил этилмоқда. Хусусан, карантин чекловларини назорат қилиш мақсадида ташкил этилган гуруҳларга вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан шаҳардаги компьютер ўйингоҳлари, турли кўнгилочар масканлар фаолияти, бозорлар, спиртли ичимликлар ва озиқ-овқат савдо дўконлари ва бошқа турдаги жойлар мавжуд тартибларга асосан назоратдан ўтказилиши, карантин қоидаларига амал қилинишини тартибга солиш ҳамда бемақсад кўчада юрган вояга етмаганлар фуқароларни рўйҳатдан ўтказиш белгилаб берилди.

   Карантин қоидаларига зид равишда кўнгил очар масканлар, кафе-барлар ва ресторанларда жамоа бўлган ҳолда байрамни нишонлаш, турли йиғинлар ташкил этиш каби ҳолатлар аниқланиб, тегишли ташкилотлар ва ресторанлар раҳбарларига нисбатан  қонуний чоралар кўрилди. Хафта давомида биргина бозорлар ҳудудида кўча-куйда ва жамоат жойларида ниқоб тақиш қоидаларига риоя этмаган 100 га яқин фуқаролар ҳудудий профилактика инспектори томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 54-моддасига асосан жавобгарликка тортилди. Карантин қоидаларига зид равишда фаолият юритаётган масканларни аниқлаш ҳамда вояга етмаган шахсларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг кузатувисиз кўнгилочар жойларда бўлиши билан боғлиқ бўлган ҳолатлар аниқланиб, айбдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.

    Шунингдек, вояга етмаган ёшларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларини бажармаган, болалари ҳуқуқбузарлик содир этган ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи 15 нафар шахсларга нисбатан расмийлаштирилган ҳужжатлар тааллуқлилиги бўйича вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий (шаҳар-туман) идоралараро комиссияларига юборилди. Шундан 5 нафари пиротехника воситаларидан фойдаланган ва уни савдоси билан шуғулланган вояга етмаганларнинг ота-оналари ҳисобланади. Бундан ташқари, ўтказилган назорат тадбирлари давомида 500 дан ортиқ фуқаролар, асосан ўсмирлар ва белгиланган вақтда кунлик фаолиятини тугатмаган спиртли ичимликлар дўконлар эгалари, шу жумладан дўконларда бўлган ҳаридорлар, бемақсад кўчада юрган фуқаролар тегишли тартибда огоҳлантирилиб, 60 дан зиёд вояга етмаган шахслар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.

     Юқорида аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича қонуний чоралар кўрилмоқда. Бу каби назорат тадбирлари вилоятимиз бўйлаб давом этади.

      Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати 

Text to speech