18 Январ 2021 йил 355

Навоий шаҳрида профилактика инспекторларининг ҳисоботи тингланди

      Навоий вилоятида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамоат тартибини сақлаш самарадорлигини ошириш мақсадида профилактика инспекторлари томонидан жойларда мунтазам равишда профилактик тадбирлар олиб борилмоқда. Маҳаллаларда нотинч ҳамда ажрим ёқасида турган оилалар билан суҳбатлар ўтказилиб,  ичкиликка ружу қўйган фуқароларни соғлом ҳаётга қайтариш ва уларни доимий назорат қилиш борасида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. 

     Навоий шаҳрида жойлашган барча МФЙда  фаолият юритаётган профилактика инспекторлари ҳам "Обод ва хавфсиз маҳалла" тамойили асосида доимий равишда кўп қаватли биноларда истиқомат қилаётган фуқароларнинг хонадонларига бирма-бир кириб, уй эгалари билан мулоқотда бўлишади. Бугун “Ҳумо” МФЙда ўз вазифасини сидқидилдан бажараётган маҳалла нозирларининг кундалик меҳнат фаолияти ўрганилди. Бунда профилактика инспекторлари аҳоли яшаш хонадонларида бўлишиб, уларга тунги вақтларда белгиланмаган жойларда бемақсад юрмаслик, ичкиликбозлик, ўғрилик, талончилик, фирибгарлик ҳамда гиёҳвандлик жиноятлари ва улар келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатлар ҳақида тушунтиришлар берилди.   

Шу куни 8-умумтаълим мактабида маҳаллий аҳоли ҳамда профилактика инспекторлари иштирокида йиғилиш ташкил этилиб, маҳалла инспекторларининг ҳисоботи тингланди. Унда ҳар бир жиноятни маҳалла кесимида таҳлил қилиш ижобий самара бериши айтиб ўтилди. Ҳудудда ўтган йил ҳисоби бўйича деярли бирорта ҳам жиноят содир этилмаганлиги тўғрисида йиғилганларга ўқиб эшиттирилди.

- Олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатлар, ислоҳотлар марказида шахс ва унинг манфаатлари туради, - дейди “Ҳумо” МФЙ профилактика инспектори, лейтенант У.Ҳазратов.  Шу боис фуқароларимиз билан доимий суҳбатлар ўтказиб, улардан келиб тушган  мурожаатларни зудлик билан кўриб чиқамиз. Бугунги меҳнат фаолиятимиз давомида ҳам уларни қийнаб келаётган муаммолар билан қизиқдик. Яна айтиб ўтиш керакки ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш бўйича ҳамкорликда кенг қамровли ишларни олиб бораяпмиз. Шунинг ҳисобига ўтган йил мобайнида маҳалламиз ҳудудида жиноятлар умуман содир этилмади. Келгусида ҳам бу каби тизимли ишларни давом эттирамиз. Фуқароларимизни шу юрт келажаги йўлида бирлашиб жиноятчиликка қарши курашишга чорлаб қоламиз.

   Дарҳақиқат, жамиятда тинчлик тотувлик, ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда маҳалланинг ўрни беқиёс. Шундай экан боғбон ерга уруғни қанчалик зич экса, бегона уруғларнинг униб чиқиши қийин бўлгани каби, биз фуқаролар ҳушёрликда бирдам бўлсак, орамизда ғараз ниятлиларнинг пайдо бўлиши ҳам мушкул. 

            Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech