23 Октябр 2020 йил 272

Навоий вилояти ИИБ 3-сектор раҳбари умумий назоратида Нурота туманида “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”ни шакллантириш ишлари бошланди

     Мамлакатимиз юксак тараққий этаётган айни пайтда, жамиятимизда хотин-қизларнинг фаоллигини янада ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш орқали ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, бир сўз билан айтганда, ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлаш сиёсатимиздаги энг устувор йўналишлардан бири этиб белгиланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2020 йил 8 октябрь куни “Жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари”га бағишланган селектор йиғилишида ҳам, айнан, хотин-қизлар ва ёшлар масаласига алоҳида урғу қаратилиб, режали мақсад ва вазифалар белгилаб берилган. Ҳудудларда топшириқлар ижросини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида "Аёллар дафтари" ҳамда “Ёшлар дафтари” тизимлари жорий қилинган бўлиб, ижросини жадаллик билан ташкиллаштириш бўйича вилоят ИИБ 3-сектор раҳбари Р.Р.Турсунов иштирокида Нурота туман ҳокимлиги катта мажлислар залида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда туман ҳокими У.Халилов, сектор, корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда тумандаги МФЙ раислари иштирок этди. Кун тартибида секторлар кесимида уйма-уй юриш орқали белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилиб, хонадонларни ўрганиш бўйича батафсил тушунтириш ишлари олиб борилди.

     Маълумот ўрнида айтишимиз мумкинки, Нурота туманида 17055 та хонадон, 22828 та оила мавжуд. Шулардан, аёллар 21163 нафарни, ёшлар 20257 нафарни ташкил этади. Шу боис, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”нинг юритилиши бўйича 11 кишидан иборат туман штаби, ҳар бир секторда 8 кишидан иборат сектор штаблари тузилди. Тумандаги 32 та маҳалла фуқаролар йиғинларида 8 кишидан иборат 4 тадан ишчи гуруҳ, жами 1024 кишидан иборат 128 та ишчи гуруҳ қамраб олинди. Шунингдек, Секторлар штабларида тегишли маълумот ва ҳисоботларни базага киритиш учун 32 та маҳаллаларга масъул ходимлар бириктирилди.

     Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech