24 Октябр 2020 йил 389

Навоий вилояти ИИБ томонидан хотин-қизлар ўртасида спорт мусобақаси ташкил этилди

   Навоий вилояти ИИБ томонидан ички ишлар органларида хизмат қилаётган шаҳодатланган ходималар иштирокида 25 октябрь - "Ички ишлар органлари ходимлари куни"га бағишланган спорт мусобақаси ташкил этилди. Байрам муносабати билан тизимда фаолият олиб бораётган ходималар ўртасида соғлом турмуш-тарзини тарғиб қилиш, уларнинг жанговар тайёргарликларини ошириш ҳамда спорт турларини ривожлантиришга қаратилган “Қувноқ стартлар” мусобақаси хотин-қизларнинг спорт соҳасидаги истеъдод ва имкониятларини юзага чиқарди. Соҳа вакилларининг соғлом турмуш тарзига амал қилиши, маънавий ва жисмоний комилликка интилиши зарурлиги тушунчасини шакллантириш ҳамда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишларини уларнинг кундалик ҳаёти тартибига айлантириш, жисмонан баркамол, бақувват ва соғлом бўлишига, чиниқишига, умумий иш қобилиятини ўсишига ёрдам бериш мазкур тадбирнинг асосий мақсади этиб белгиланди.

  Навоий вилояти ИИБ, ЖИЭК ҳамда шаҳар-туман бўлимлари хотин-қизларидан иборат “Тўмарис”, “Зебунисобегим” ҳамда “Адолат” жамоалари спортнинг 4 турида бўйича, яъни югуриш, ким чаққон ва мерган, арқон тортиш ҳамда қуролни тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш каби спорт турларини бажариш орқали ғолиблик учун кураш олиб борди.

   – Бугунги мусобақа кўтаринки кайфиятда ўтди, - дейди Навоий шаҳар ИИО ФМБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, лейтенант Сурайё Абдуллаева. - Шартлар мураккаб бўлсада, қийинчилик туғдирмади. Бизни ўрин олиш эмас, шартлар жараёнидаги завқ-шавқ кўпроқ руҳлантирди.

  Якуний натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида шаҳар-туман ИИБ хотин-қизларидан таркиб топган "Адолат" жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Барча иштирокчилар диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech