8 Октябр 2020 йил 264

Навоий вилояти ИИБ томонидан ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган “Навоийда Сомосуд” номли видеолавҳа юзасидан расмий МУНОСАБАТ

     Жорий йилнинг 7 октябрь куни “Телеграм” мессенджерлари орқали “Навоийда Сомосуд” сарлавҳаси остида тарқалган видеотасвир кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Унда номаълум фуқарога тан жароҳати етказилган ҳолатда, бўйин ва қўл қисмлари арқон билан боғланиб, трактор тиркамасида мажбурий тартибда олиб кетилаётганлиги акс этган.

     Барчани қизиқтирган савол эса қуйидагича: бунга сабаб нима эди?

     Мазкур ҳолат юзасидан Қизилтепа тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор қидирув тадбирлар давомида вақеага ойдинлик киритилди. Унга кўра, 2020 йил 3 октябрь куни соат тахминан 10:30 ларда тумандаги “Янгиҳаёт” МФЙ ҳудудида жойлашган “Абдужаббор бобо чорвалари” фермер хўжалиги ишчиси Ш.С. иш вақтида дала ер майдонига спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолатда боради. Табиийки, ишчининг мастлиги фермер хўжалиги раҳбари Н.Ж.га ёқмайди. Ўртада юзага келган даҳанаки жангда ширакайф Ш.С. Н.Ж.нинг онасини (гарчи, вафот этганлигини билсада) турли хил бўҳтон сўзлар билан ҳақорат қилади. Ҳамма чигалликлар мана шу нуқтада янада кескин тус олади.

     Н.Ж.нинг қизиққонлиги жараённи бадтар чигаллаштиради. У марҳум онасига бўлган ҳақоратни рўкач қиладию, қўшни фермер хўжалиги тракторчиси Н.С. билан шерикчиликда сўконғич ишчига тан жароҳати етказган ҳолда, бўйин ва қўл қисмини боғлаб, трактор тиркамасида дала шийпонига олиб боришади. Қийноққа солиб, дарахтга боғлаб кетишгани етмагандек, муштумзўрлар ўз кучини кўз-кўз қилиш мақсадида шахсий телефон аппарати ёрдамида тасвирга олишга ҳам улгуришади. Н.Ж. таниши, яъни қўшни фермер хўжалигида чўпон вазифасида ишловчи Т.Р.га “Телеграм” орқали ҳолатнинг батафсил видеосини юборади. Н.Ж. тасвир кенг оммага тарқалиб, ўз бошига бало бўлиб ёғилишини олдинроқ билганда эди, вазиятга муроса йўли билан қонуний ёндашган бўлар эди, эҳтимол.

     Эртаси куни кайфи тарқаган Ш.С. бўлиб ўтган ишларга ойдинлик киритиш мақсадида Н.Ж.нинг яшаш хонадонига боради. Бу гал Н.Ж.нинг отаси уни кутиб олади ва вафот этган турмуш ўртоғини ғақоратлагани учун яшаш хонадонига олиб кириб, танасининг турли жойларига уриб, тан жароҳати етказади.

     Халқимиз орасида: “Ҳар не келса бошингга тилингдан келур”, – нақли бежизга қўлланилмайди. Ш.С. ҳам ўз нафсини тия олмай, нопок луқма таъсирида тилига келганини гапириши мана шу ғавғоларга сабаб бўлгани айни ҳақиқат. Бироқ, масаланинг яна бир жиҳати, Н.Ж.нинг шошмашошарлиги, жиловланмаган жахлидир. Мамлакатимизда қонун устуворлиги таъминланган бўлиб, ҳар қандай қоидабузарлик ҳолатларига адолат мезонлари асосида баҳо бериш кафолатланади. Таассуфки, айрим фуқароларимиздага ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги, чигал вазиятларга ўзбилармонлик билан ёндашиши катта хатоликларни юзага келтиради. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, кимнингдир шахсиятига оид видеотасвирларни кенг оммага тарқатганлик учун қонунда тегишли тартибда жавобгарлик белгиланган. Ҳозирда туман ИИБ ходимлари томонидан содир этган қилмишлари учун барча қоидабузарлар иштирокида терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech