13 Январ 2021 йил 462

Навоий вилояти ИИБнинг бир гуруҳ ходимларига янги хонадонларнинг топширилиши байрамона туҳфа бўлди

Юртимизда адолат мезонлари асосида қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда соҳа ходимларининг хизмати алоҳида эътирофга лойиқдир. Қувонарлиси, залворли ва машаққатли касб эгаларининг маънавий қиёфаси, жамиятимизда тутган ўрни ва қозонган обрў-эътибори йил сайин юксалиб, беминнат хизматнинг тенгсиз баҳоси муносиб рағбатлантирилмоқда.

Хусусан, Навоий вилояти ИИБ шахсий таркибни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг яшаш ва хизмат шароитларини яхшилаш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масалаларини алоҳида инобатга олган ҳолда, барча зарур шарт-шароитларни яратиб бермоқда. Бошқарма томонидан ўтган 2017-2019 йиллар давомида 138 та хизмат уйлари қурилиб, 138 нафар уй-жойга эҳтиёжи юқори бўлган, хизмат фаолияти давомида жасорат кўрсатиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳамда ҳамкасблари орасида алоҳида намуна кўрсатган ходимларнинг оила аъзоларига топширилган. Шунингдек, имтиёзли ипотека кредити асосида 5 та замонавий кўп қаватли уй-жойлар фойдаланишга берилган.

Жорий йил 13 январь куни бунёд этилган навбатдаги уй-жойларнинг ўз эгаларига топширилиши ходимлар учун кутилмаган муносиб туҳфа бўлди. 14 январь – “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан Зарафшон шаҳри “Матонат” кўчасида қад ростлаган 5 қаватли, 30 хонадонга мўлжалланган кўркам ва файзли уй-жой 30 нафар ИИОларида хизмат олиб бораётган ходимларга топширилди. Замон талабларига мутлақ жавоб бера оладиган, иситиш тизими ва барча қулайликларга эга бўлган хонадонлар кенг ва ёруғ бўлиши билан бирга, зарур барча шароитларга эгадир.

– Камтарона меҳнатларимиз юксак баҳоланиб, замонавий технологиялар асосида барпо этилган янги хонадон соҳиби эканлигимдан бахтиёрман, – дейди Зарафшон шаҳар ИИО ФМБ МваФРГ ходими, сафдор Шаҳбоз Саъдуллаев. – Ёш оила бўлганлигимиз боис, турмуш ўртоғим билан ижарада яшаш бизга анчагина ноқулай вазиятларни юзага келтирди, албатта. 6 йиллик иш фаолиятим давомида ходанма-хонадон кўчиб юриш машаққати мушкул кечди. Шукурким, бугун барча қийинчиликлар ортда қолиб, файзли хонадон эгасига айландик. Билдирилган ишончни оқлаган ҳолда, Ватаним учун садоқат билан хизмат қилишга ваъда бераман.

– Ўз тақдирини она юртнинг осуда ҳаёти учун бахшида этган фидойилар меҳнатидан халқимиз чексиз миннатдор ва бу хизматни улар муносиб қадрлайдилар, – дейди вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари в.б. подполковник Завқиддин Хўжанов. – Айниқса, уларнинг таҳликали эпидемиологик вазиятда кўрсатган жасорати, жамоат тартибини сақлаш ва тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш йўлида амалга оширган мардона сай-ҳаракати, фуқароларнинг эркинликларини таъминлаш борасида ўз ҳаётини жиддий хавф остида қолдириб кўрсатган жонбозлиги таҳсинга лойиқдир. Соха ходимлари учун энг юксак бахт шу аслида: халқ ишончи ҳамда дуосидир!

 

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech