25 Январ 2021 йил 407

НАВОИЙДА ИИБ ХОДИМИГА ПОРА БЕРМОҚЧИ БЎЛГАН ФУҚАРО ҚЎЛГА ОЛИНДИ

    Мантиқсиз қарорлар доим мантиқсиз амалларни вужудга келтиргани каби, атрофимизда ўзи эгри йўлга кириб, бировларни ҳам ҳалолликдан йироқлаштирадиган инсонлар учраб туради. 1969 йилда туғилган Кармана тумани Арғун МФЙда яшовчи Ш.Р 2018 йил 13 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси  3-қисми билан айбли деб топилиб, унга 4 йил 10 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган эди. Аммо, фуқаро Ш.Р жазони ўташдан бўйин товлаганлиги сабабли 2020 йил 31-декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 74-моддаси тартибида 2 йил 12 кун муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси ва ушбу муддат давлат фойдасига ойлик иш ҳақидан 20% ушлаб қолиш шарти билан ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган эди. Кармана тумани ИИО Пробация гуруҳи катта инспектори, катта лейтенант Қўлдошев Бекзод Мелихўрозович 2021 йил 14-январь куни профилактик ҳисобга олинган маҳкум Ш.Рнинг 19-январь куни ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташ тартиб қоидалари ва шартлари билан таништириш ҳамда оилавий шароити ва турмуш тарзини ўрганиш мақсадида яшаш хонадонига борганида маст ҳолатда бўлганлиги сабабли профилактик фаолиятни тўлиқ бажаришни иложи бўлмайди. 19-январь куни соат 16:00ларда Ш.Р профилактик суҳбатдан ўтиш учун хизмат хонасига келиб суҳбат жараёнида ўзига нисбатан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташда енгиллик бериш ҳамда келгусида содир этиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларига кўз юмиши эвазига ходимга пора тариқасида 2 млн сўм пул беришни таклиф қилган. Катта лейтенант Қўлдошев бу ҳолат ноқонуний эканлигини тушунтиришига қарамасдан, фуқаро пора таклиф этишда давом этади. Ўз қасамёдига содиқ ходим ҳолат юзасидан раҳбариятни ўз вақтида огоҳлантиради.

   ИИВ ЎХБ Навоий вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида шу куни соат 20:00ларда Кармана тумани ИИО Пробация гуруҳининг катта инспектори катта лейтенант Б.М.Қўлдошевнинг хизмат хонасида фуқаро Ш.Р пора тариқасида жами 890 минг сўм пулларни бераётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан Ш.Рга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда айтиш жоизки мамлакатимизда коррупцияга қарши муросасиз кураш давом этаётган бир пайтда фуқароларимизнинг ўз мақсадига етишиш йўлида пора таклиф қилишлари аянчли ҳолатдир. Зеро, адолат устига барпо бўлган жамият парокандаликка юз тутмайди.


Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech