24 Ноябр 2021 йил 627

Навоийда ИИВ Академияси бошлиғи маслаҳатчиси Б.Матлубов ташрифи муносабати билан уч авлод учрашуви бўлиб ўтди

“Янги Ўзбекистон-янги ички ишлар органи”-ғояси асосида ўтказилган уч авлод учрашуви навоийликларни ҳам ўзида бирлаштирди.

Учрашувга меҳмон бўлиб ташриф буюрган ИИВ Академияси бошлиғи маслаҳатчиси Б.Матлубов даставвал Кармана тумани Дўрмон маҳалласи биносига ташриф буюрди. У ердаги қулайликлар билан танишди, айни пайтда давом этаётган “Яшил макон” лойиҳасида шахсан иштирок этди.

Шундан сўнг Ёшлар марказида ички ишлар ходимлари, фахрий устозлар ҳамда ўқувчи ёшлар билан учрашди. Ўзининг ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик давридаги ўзига хос қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатларни сўзлаб берди. Шунингдек, йиғилганларга навоий халқининг ўзига хослиги, бу ерларнинг диққатга сазовор жойларини ҳамда соддадил, олижаноб аҳолисининг шу кунга қадар эришган ютуқларини алоҳида айтиб ўтди.

Тадбир давомида сўзга чиққан фахрий устозларимиз айни пайтда кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўз дил сўзларини, самимий фикрларини билдирди. Ўзбек халқи бошидан кечирган қийин кунлари ортидан пайдо бўлган бугунги имкониятлардан унумли фойдаланишимиз, ҳар бир кунимиз учун шукрона айтишимиз кераклиги таъкидланди. Вилоятимиз ҳудуди республика миқёсида йирик туман ҳисобланиши, аҳоли турли ҳудуд шароитларида истиқомат қилиши, шунингдек, халқининг тинчлиги ва осойишталигини сақлашда ўзига яраша қийинчиликлар борлиги, шу боис сергаклик ва огоҳликни ошириш муҳим масала эканлиги айтиб ўтилди. Халқ билан ишлашда хизматига виждонан ёндашиш сабр ва шижоат билан юқори натижаларга эришиш мумкинлиги тўғрисида ёш ходимларга тавсиялар берилди. Эл-юрт равнақи йўлида мамлакатимиз раҳбарига яқин кўмакчи, камарбаста бўлиш лозимлиги уч авлодга мансуб юртдошларимиз ўртасидаги суҳбатларнинг бош мавзусига айланди. Ташриф сўнгида фахрий гуруҳ Маърифат марказига йўл олишди. У ерда музей кўргазмаларидан баҳраманд бўлишди.

Янги Ўзбекистон манзарасини ёрқин рангларда ифода этадиган вилоят кўча ва хиёбонлари, замонавий уй-жойлар, турли ижтимоий объектлар билан танишувларнинг ҳар бири йиғилганларда олам-олам таассуротлар уйғотди.

 

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

 

 

Text to speech