9 Декабр 2022 йил 303

Навоийда ИИВ Бирлашган таҳририят ходимлари томонидан китоб тақдимоти бўлиб ўтди

 Ҳар бир соҳа истиқболини шу соҳада фаолият олиб бораётган ёш ходимлар интелектуал салоҳияти, билим ва малакаси билан баҳоланади.  Ички ишлар органида ҳам номзодларни саралаш, қабул қилиш, шунингдек, ходимларни маънан ва жисмонан етук бўлишида чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳам фидоийлик касб этади.

 Бугун, Навоий вилояти ИИБда бўлиб ўтган китоб тақдимотида ҳам кадрлар билан ишлашда жонбозлик кўрсатган фидоий фахрийларимизнинг хизмати эътироф этилди. Тадбирда  фахрий устозлар, ИИВ Академик лицейи ўқувчилари ҳамда ёш ходимлар иштирок этишди. Дастлаб ИИВ Бирлашган таҳририяти бош муҳаррири ўринбосари майор Азизжон Файзиев сўзга чиқиб “Кадрлар хизмати фидоийлари” китоби билан яқин таништирди.  Мазкур китобда номлари келтирилган устоз фахрийлар орасида навоийлик фахрийларнинг номлари борлиги тадбир иштирокчиларини қувонтирди. Айниқса фахрий устозларимизнинг хизмат йўллари ва ёшлар учун айтилган маслаҳат ва тавсиялари ёш ходимларга мотивация бўлди десак адашмаган бўламиз.

Кадрлар тайёрлашга қаратилаётган бундай юксак эътибор келгусида ўз самарасини кўрсатиши, устозларнинг босиб ўтган йўллари ёш ходимлар учун дастурул амал бўлиши шубҳасиз.

 

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech