27 Май 2023 йил 633

Навоийда ҳоким ёрдамчиси жиноят устида қўлга олинди

    Республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш, бу борада ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг имкониятлар яратилган. Кам фоизли, имтиёзли кредитлар, субсидиялар шулар жумласидандир. Ҳудудларда ҳар қайси маҳаллада “Ҳоким ёрдамчиси” лавозимининг жорий этилишдан асосий мақсад ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож ёхуд моддий эҳтиёжманд оилаларни ўрганиш ҳамда уларга давлат томонидан ажратиладиган имтиёзли кредит расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатиш эди, аслида.  Аммо баъзилар лавозимини суистеъмол қилиб халқнинг “қўлига қаради”. Хатирчи туманида истиқомат қилаётган 27 ёшли М.А 25 млн сўм кредит олиш ва тадбиркорликни бошлаш мақсадида Б.Т орқали шу маҳалланинг ҳоким ёрдамчиси Ш.Ига учрашди. Ш.И эса М.Ага тавсиянома текинга берилмаслигини айтди. Мазкур ҳолат юзасидан қилинган мурожаат асосида тезкор тадбир ташкил этилиб ҳоким ёрдамчиси М.Адан 100 АҚШ доллари ва 900 минг сўм пулларни олаётган пайтда  Навоий вилояти ИИБ ТҚХ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда далилий ашёлар билан қўлга  олинди.

 Ҳоким ёрдамчиси Ш.И ва кредит олувчиларни топиб унга элтувчи Б.Тга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Энг ачинарлиси эса, айни кунда ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаётган Ш.И бир неча йил муқаддам товламачилик жиноятини содир этиб жазо муддатини ўтаган эди. Аммо, қилмишидан хулоса чиқармаган Ш.И яна бир бор қонун олдида жавоб беришга маҳкум бўлди.

 

 

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech