2 Феврал 2021 йил 399

Навоийда сектор раҳбарлари саломатлигига жиддий эътибор қаратилмоқда

 Бугунги кун раҳбари халқ орасида, аҳоли муаммоси ичида ўз дардидан, ҳузур-ҳаловатидан воз кечган фидойилардир. Жамиятимизда шундай жонкуяр соҳа ходимлари борки, уларнинг ҳаттоки ўз саломатлигини ўйлашга вақти йўқ. Инсонлардаги кучли ирода ҳар қандай касалликни енгиб ўтиши мумкинлиги тиббиёт соҳасида исбот талаб этмайдиган ҳақиқатдир. 

2021 йилнинг 16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида “Маҳаллий ҳокимлик ҳамда сектор раҳбарларини тиббий кўрикдан ўтказиш ва даволаш режаси” ишлаб чиқилди. Режа ижросига мувофиқ, Навоий вилоятида ҳам бир қанча устувор вазифалар белгилаб олиниб, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида шаҳар-туман сектор раҳбарлари саломатлигини тиклаш ва янада мустаҳкамлаш мақсадида барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Хусусан, вилоят ИИБ шаҳар-туман бўлим бошлиқларининг 11 нафари 10 кунлик тиббий муолажага жалб этилди. Жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб бера оладиган, замонавий технологиялар асосида жиҳозланган тиббиёт ускуналари ҳамда малакали мутахассислар ходимлар учун тун-у кун хизматда.

  • Даволаш режасига асосан, соҳа ходимлари даставвал мажбурий ва қўшимча текширувдан ўтказилди, – дейди 12 йиллик касбий фаолият тажрибасига эга, кардиохирург бўлими жарроҳи Аброр Тоғаев. – Текширув хулосаларига асосан, мутахассислар томонидан мажбурий ва қўшимча кўрик ташкил этилган. Калорияга бой парҳез таомлар ҳамда муолажалар қатъий тартибда белгиланган.
  • Шифокорлар ёрдамида кўрсатилаётган тиббий хизмат ҳамда маданий ҳордиқ тана ва руҳимизга куч-қувват бўлмоқда, – дейди Ғозғон шаҳри ИИБ бошлиғи, майор Азим Мухитдинов. – Физиотерапевтик муолажалар, уқалаш, жисмоний даволаш гимнастикаси каби соғломлаштириш ва даволаш усуллари сезиларли даражада ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Бутун дунёда глобал муаммога айланган эпидемиологик вазият инсонларнинг саломатлиги тенгсиз қийматга эга бойлик эканлигини исботлади. Бир сўз билан айтганда, мустаҳкам соғлик билан бошланган раҳбарлар фаолияти ҳам келгусида иш суръатларининг жадаллик билан янада ошишига хизмат қилади.

       Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech