29 Сентябр 2022 йил 295

Навоийда товламичилар жиноят устида қўлга олинди

Жамиятимизда яна бир жирканч иллат борки, бунинг номи товламачиликдир. Бундай йўлни касбига айлантирган кишиларнинг топаётган луқмасининг нопоклигию, қилаётган ишларининг қинғирлиги асло ташвишга солмайди. Хусусан, Навоий вилояти Кармана туманида яшовчи 30 ёшли йигит аввалига товламачи ошналарининг қимордаги шериги эди. Таваккалчиликка асосланган ўйиннинг марду-майдонлари вақт ўтиб, бегоналарча душманга айландилар.

Гап шундаки, фуқаро дастлаб танишининг хонадонида ташкил этилган қимор  ўйинига қўшилишни истаб, хонадон эгасидан 16 млн сўм қарзни фоиз эвазига олади ва пуллар ўйинга тикилади. Орадан бир-мунча вақт ўтгач, йигит олган пулини аввалги келишилган нарх ҳисобида фоизи билан қайтариб берган бўлса-да, пул эгаси қарзни кунлик фоизга ҳисоблаб, яна 15 млн сўм бериши кераклигини айтади. Икки танишнинг муносабатлари товламачиликдан безориликкача бўлган вазиятни яратди. Яъни гумонланувчи ўзининг 2 нафар шериги билан карманалик фуқарони бир неча бор шаҳар ташқарасига олиб чиқиб дўппослаган ва турли гаплар билн пўпписа қилган. Вазият чигаллашгач фуқаро ички ишлар органига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Фоизчи 15 млн талаб қилган пулларининг 3 млн сўмини олаётган пайтида, Навоий вилояти ИИБ ЖҚБ Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ҳамда ДХХ Навоий вилояти буйича  бошқармаси ходимлари томонидан далилий ашёлар билан қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech