23 Декабр 2020 йил 327

Навоийда ватанпарварлик ойлиги доирасида вилоят ИИБ бошлиғи ўқувчи-ёшлар билан учрашди

         Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, келажакда уларни ўз касбининг фидойиси қилиб тайёрлаш  бугунги кун сиёсатининг энг устувор йўналишлардан бири саналади. Шу боисдан республикамизда ҳарбий ватанпарварлик ойлиги кенг қамровда ўтказилмоқда. Шу муносабат билан Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан Ички ишлар вазирлиги Навоий академик лицейи ўқувчилари тизим фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Бошқармага ташриф буюришди. Экскурсия давомида ўқувчи-ёшларга вилоят Ички ишлар ходимлари томонидан қўлга киритилаётган ютуқлар, ўтмиш ва бугун ҳақида тушунчалар берилди. Эксперт криминалистика хизматининг аҳамияти, жиноятларни иссиқ изида фош этишда уларнинг роли ҳақида маълумотлар бериб ўтилди. Шунингдек Навбатчилик қисми, Тергов хоналари ва улардаги жараёнлар билан яқиндан танишишди.

       Ташриф давомида Вилоят ИИБ бошлиғи бўлғуси кадрлар  билан юзма юз мулоқотда бўлиб, ўзининг ҳаётий тажрибалари, ички ишлар ходими халқ хизматчиси эканлиги, ҳар бир ишда инсон манфаатларини устун қўйиб фаолият юритиш зарурлиги, соҳанинг қийинчиликлари билан бирга масъулият талаб этадиган жиҳатларига тўхталиб, ўз фикрларини билдириб ўтди.

       Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди. Шу куни ИИБ бошлиғи томонидан ёшларнинг келажакда раҳбар бўлишдек орзулари бир муддат бўлсада ушалишига имконият яратилди. Учрашув сўнгида бошқарма бошлиғи ёшларнинг келгусидаги ўқиш ва ишларига омад тилаган ҳолда уларга эсдалик сифатида китоблар туҳфа қилди.

       Мухтасар айтганда раҳбар ва ёшларнинг бу каби учрашуви келажакка қўйилаётган дадил қадамдир. Зеро парвариши яхши қилинган ниҳол келгусида албатта ўз мевасини беради.

     Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech