27 Сентябр 2022 йил 320

Навоийда жиноят қидирув ходимлари томонидан қиморбозлар фаолиятига чек қўйилди

Таваккалчилик асосида бошланган ўйиннинг якуни тахмин қилинган хулосани бермади. Яъни, даставвал 54 ёшли фуқаро ўз хонадонида қулай шароит яратиб, соатига 50 минг сўмдан олишни, шу орада эса, ўзи ҳам ўйинга қўшилиб, даромад қилишни режалаштирган. Аввалига барчаси меъёрида кетаётган эди. Навоий вилояти ИИБ ЖҚБ ҳамда Қизилтепа тумани ИИБ ЖҚБ Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида мазкур фуқаронинг қинғир орзу-хаёллари чиппакка чиқди.

Ўйин давомида  қиморбозлардан  даврага тикилган жами 3 миллион 617 минг сўм пуллар ва 3 қути ўйин қарталари далилий ашё сифатида холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинди.

Турли ёш ва турли ҳудуддан бирлашган гуруҳнинг қилмишлари бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech