11 Январ 2021 йил 255

НАВОИЙЛИК СПОРТЧИЛАР ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ МУТЛАҚ ҒОЛИБЛИКНИ ҚЎЛГА КИРИТГАН МУСОБАҚАДА ФАОЛ ҚАТНАШИШДИ   

      Жорий йилнинг 8-9 январь кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзбекистон” спорт соғломлаштириш мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги ҳамда “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан ҳарбийлаштирилган тузилмалар ходимлари ўртасида cпортнинг “Қўл жанги” тури бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур мусобақада мамлакатимиздаги ҳарбийлаштирилган тузилмаларнинг 7 та жамоаси, яъни Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Президент давлат хавфсизлик хизмати, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Давлат божхона қўмитаси ходимлари ғолиблик учун соғлом рақобат асосида курашдилар. Қизғин ва муросасиз кечган саралаш ҳамда финал жангида спортчилар 9 та вазн тоифасида баҳс олиб бордилар. 2 йилдан буён биринчиликни қўлдан бой бермай келаётган ИИВ жамоаси учинчи маротаба ҳам бу анъанага содиқ қолган ҳолда мутлақ ғолибликни қўлга киритди.  Ушбу мусобақада Навоий вилояти ИИБнинг шахсий таркибида  фаолият олиб бораётган 5 нафар фидойи ходимлар ҳам фаол қатнашиб, эришилган ғалабага ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишди. Шиддатли кечган баҳсларда 65 килограмм вазн тоифасида Олим Нурмуродов ҳамда 70 килограмм вазн тоифасида Аббос Қодировлар 1 ўринни, 55 килограмм вазн тоифасида Ҳасан Ўроқов, оғир вазн тоифасида Бегзод Эшпўлатовлар 2 ўринни эгаллаган бўлсалар, 60 килограмм вазн тоифасида Шаҳбоз Турсуновга 3 ўрин насиб этди.

- Йигитларимиз қўлга киритган ғалабалар нафақат вилоятимизда балки, Ички ишлар вазирлигигида ҳам эътироф этилди, - дейди вилоят ИИБ  бошлиғи ўринбосари, подполковник З.Хўжанов. Бугун улар билдирилган ишончни яна бир карра оқлашди. Ўғлонларимиз Осиё ва Жаҳон чемпионатларида ҳам қатнашиб, давлатимизнинг байроғини баланд кўтаришади деб ишонамиз. 

      10-январь куни  Навоий темир йўл вокзалида ғолибларни кутиб олиш маросими ўтказилди. Унда вилоят ИИБ масъул ходимлари ҳамда бир гуруҳ мухлислар иштирок этишиб, спортчиларни илиқ кутиб олишди. 

- Ушбу чемпионат биз учун жуда муҳим эди, - дейди мусобақа ғолиби Аббос Қодиров. Биз жангларга қаттиқ тайёргарлик кўрдик. Рақибларимиз ҳам анчагина кучли экан. Шунга қарамасдан иродали жанг қилиб, ғалаба қозондик. Бизга барча шарт-шароитларни яратиб берган Ички ишлар вазирлигига ҳамда вилоят ИИБга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Ғалабага ўз ҳиссамизни қўшганлигимиздан жуда-жуда хурсандмиз. Худо хоҳласа Жаҳон чемпионатида иштирок этиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиламиз.

        Муваффақиятли ютуқлар Навоийликларга ўзгача ғурур ва ифтихор туйғуларини бахш этди. 

                         Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech