14 Декабр 2020 йил 323

Оғу савдогарларининг риштаси узилди

         2020 йилнинг 6 декабр куни Навоий вилояти ИИБ ЖҚБ ҳамда Навоий шаҳар ИИО ФМБ ходимлари томонидан ўтказилган “Назорат остида олиш” тезкор-қидирув тадбири давомида, 6 нафардан иборат, оғу савдогарларининг риштаси узилди.
        Дастлаб, тадбирга жалб қилинган “Шартли харидор”га “Ҳаёт” МФЙда яшовчи, фуқаро А.А 400 минг сўм пуллар эвазига 1 дона гугурт қути оғирлиги 3 грамм бўлган “Марихуана” гиёҳвандлик моддасини сотаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланди. Тезкор-қидирув тадбири давом эттирилиб, ушбу гиёҳвандлик воситачилари бирин-кетин ошкор этилди.
7-декабр куни Карманалик 1976 йилда туғилган оғуфуруш Фуқаро Ж.К юқоридаги фуқаро А.Ага 450 минг сўм пуллар эвазига 1 дона гугурт қути оғирлиги 5 грамм бўлган “Марихуана” гиёҳвандлик моддасини сотаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланиб, унинг чўнтагидан гугурт қутиси ва қоғоз бўлагига ўралган оғирлиги 6 грамм бўлган “Марихуана” гиёҳвандлик моддаси олинди.
        Шунингдек, Ж.Кга Гулистон маҳалласида яшовчи Б.М 400 минг сўм пуллар эвазига 1 дона гугурт қути оғирлиги 5 грамм бўлган “Марихуана” гиёҳвандлик моддасини сотаётган вақтида, тадбир иштирокчилари томонидан ушланди. Унинг яшаш уйидан 4 дона гугурт қутига солинган оғирлиги 24 грамм бўлган “Марихуана” гиёҳвандлик моддаси олиниб, тегишли тартибда расмийлаштирилди.
        Терговга қадар суриштирув ишлари давомида, навбатдаги оғуфуруш шериклар Самарқандлик С.А ва Б.Б эканлиги аниқланиб, улар 5.400.000 сўмга 100 грамм “марихуана” гиёҳвандлик моддасини сотаётган вақтида ушланди. Бундан ташқари, ёнидан чиққан 17 грамм “марихуана” гиёҳвандлик моддаси ва 1 миллион сўм пуллар ҳам далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинди.
        Турли ҳудуддан қони қовушган ушбу гиёҳфурушларга нисбатан ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech