20 Март 2021 йил 322

Республика ишчи гуруҳи томонидан навбатдаги юзма-юз мулоқот вилоятнинг Навбаҳор туманида ташкил этилди

        Ҳар бир мурожаат ва унинг ортидаги инсон тақдири. Оммавий сайёр қабулларда ана шу жиҳатларга эътибор  қаратилиб, муаммоларга ечим изланмоқда. Навбатдаги юзма-юз мулоқот вилоятнинг Навбаҳор туманида ташкил этилди. Ички ишлар вазирлиги мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари шу куни 21 та мурожаатни кўриб чиқишди. Ички ишлар органларига хизматни қайта тиклаш, суриштирув ҳамда тергов фаолиятига оид мурожаатлар, паспорт ва виза, Жазони ижро этиш билан боғлиқ ва Ички ишлар органларида қайта тиббий кўрикдан ўтиш каби мурожаатлар йўлланди. Қайд этиш лозимки, юзма-юз мулоқотларда фуқароларнинг ечим талаб муаммолари ҳал этилди. Жумладан, туман ИИБ Пробация хизмати назоратида бўлган 3 нафар маҳкумлар меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганликлари, иш ва яшаш жойидаги мураббийлари ҳамда маҳалла фаоллари томонидан ижобий тавсифланганликлари инобатга олиниб, муддатидан олдин шартли равишда озод қилиш тўғрисида судларга тақдимномалар киритилди ва жазодан озод қилинди. Ишга қайта тиклаш билан боғлиқ мурожаатлар эса алоҳида назоратга олинди. Шунингдек, алимент ундириш ва оила турмуш доирасидаги кўплаб мурожаатлар шу куннинг ўзидаёқ ижобий ҳал этилди. Сайёр қабул давомида туманнинг 3-сектор ҳудудида яшовчи эҳтиёжманд оила рўйҳатида турувчи “Темир” дафтарга киритилган 13 та оилага қарийб 300 дона товуқ ва дон маҳсулотлари берилди. Бундан ташқари “Aёллар дафатари”га киритилган хотин-қизларга бепул тикув машиналари тарқатилди. 1 нафар ногиронлиги бўлган уй-жойга эҳтиёжи бор фуқарога “Саҳоват ва кўмак” жамғармаси тўғрисидаги низом талаблари асосида уй-жой ажратиш бўйича Халқ депутатлари Навоий вилоят кенгашига илтимоснома киритилди. Шу билан бир қаторда маҳалладаги ички йўлларни обод қилиш ва фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида “Қалқон ота ” маҳалласининг ички йўлларига тош ташланиб, тупроқ йўллар обод қилинди. Бир сўз билан айтганда мурожаат қилиб келган ҳар бир фуқаро мамлакатимизда инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун деган тамойилни ўзида ҳис қилди.

            Навоий вилояти ИИБ Aхборот хизмати

Text to speech