22 Январ 2021 йил 505

УСТУВОР ВАЗИФАЛАР – САМАРАЛИ ФАОЛИЯТ ГАРОВИ

Йил сарҳисоби – ўтган йилда амалга оширилган ютуқлар ва камчиликлар таҳлили, янги йилда белгилаб берилган устувор вазифалар муҳокамаси. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Б.Ю.Мирзарахимов бошчилигида Навоий вилояти ИИБ “Маърифат зали”да ўтказилган йиғилиш мазкур масалаларга қаратилди. Вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Р.Турсунов ҳамда унинг ўринбосарлари, шаҳар-туман ички ишлар бўлим бошлиқлари, соҳавий хизмат ходимлари иштирокида йиллик фаолият якунлари батафсил ўрганиб чиқилди.

Дастлаб, бошқарма бошлиғи йиғилиш қатнашчиларини кун тартибидаги масалалар билан таништириб, 2020 йил давомида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва содир этилган жиноятларни “иссиқ изи”да фош этиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ички ишлар органларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашда амалга оширилган ишлар хусусида маълумот берди. Шунингдек, эришилган ютуқлар билан бир қаторда, айрим шаҳар-туманлар кесимида йўл қўйилган камчиликлар туфайли жиноятчилик сони кескин ошганлиги танқид остига олинди.

Муваффақиятлар ва мавжуд муаммолар хусусида яқиндан танишган вазир ўринбосари сўзга чиқиб, жорий йилда тизим олдида турган энг асосий вазифа – хатолардан хулоса чиқариб, камчиликларни ўз ўрнида бартараф этиш эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, ҳудудларда профилактик тадбирларни кенг қамровда ташкил этиш, ходимларнинг хизмат интизоми ва қонунийликка қатъий амал қилишини таъминлаш, уларни ижтимоий-маънавий жиҳатдан кўллаб-қувватлаш юзасидан ўз таклиф ва тавфсияларини берди.

Йиғилиш давомида шаҳар-туман бошлиқлари томонидан тайёрланган ахборотлар тингланди. Хусусан, Хатирчи, Кармана туманлари ҳамда Навоий шаҳри мисолида жиноятчилик кўрсаткичлари таҳлилига мувофиқ, йўл қўйилган камчиликлар сабаб, ҳуқуқбузарликлар юқори даражада қайд этилганлиги кенг муҳокама этилди. Барча ходимларга муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилиб, галдаги устувор вазифалар топширилди. Йиғилиш якунида ўз ишига виждонан ёндашган ҳолда фаолият олиб бораётган бир гуруҳ намунали ходимлар вазир ўринбосари томонидан ташаккурнома билан тақдирланди.

 Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech